ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов Бухоро вилоятининг криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларида бўлди.
Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳридаги “Садриддин Айний”, “Аҳмад Дониш”, “Низомий Ганжавий”, “Шайх-ул олам” ҳамда Ғиждувон туманидаги “Помўза” маҳаллаларида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қарори билан мазкур маҳаллаларга тажрибали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий-амалий ёндашув асосида ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Натижада, шу кунга қадар маҳаллаларда 14 та хавфсиз кўча, 34 та хавфсиз уй ташкил қилинди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудларга 130 та ташвиш тугмаси, 891 та замонавий камера ўрнатилиб, 3600 дан зиёд объект техник қўриқловга олинди. Аҳолининг ҳуқуқий масъулиятини оширишга қаратилган профилактика ва тарғибот тадбирлари ҳамда 13 маротаба жиноятчилик муҳокамаси ўтказилди. Муҳими, бу борадаги ишлар ижобий натижа кўрсатмоқда.
Манзилли ўрганишлар чоғида академия бошлиғи масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари билан бирма-бир мулоқот қилди. Ҳудудларга жорий қилинган тажрибалар, эришилаётган натижалар ва келгусидаги вазифалар бўйича тақдимотлар билан танишди. Фаолларнинг таклифларини тинглаб, криминоген омилларни бартараф этиш, айниқса кўп содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида тавсиялар берди.
Айрим ҳудудларга қўшимча куч ва воситаларни жалб қилиш, аҳоли гавжум жойлар ва жиноят қайд этилиши мумкин бўлган нуқталарда хавфсизлик чораларини кучайтириш, маҳаллаларнинг инфратузилма шароитини яхшилаш, одамларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Хизмат сафари давомида вилоят Ички ишлар бошқармасида тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек академияни тамомлаган ёш кадрлар фаолияти таҳлил қилиниб, таълим ва амалиёт узвийлигини таъминлашда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
Академия бошлиғи академик лицейдаги ўқув жараёнлари ва шарт-шароитлар билан ҳам танишди. Жамоа билан учрашувда тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган изчил ислоҳотлар, академияда йўлга қўйилган илғор ёндашувлар, лицейларда таълим сифатини ошириш, ёшларни юксак ватанпаварлик руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилди. Шу куни ютуқларга эришаётган бир гуруҳ фаол ўқитувчи ва ўқувчилар рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати