ИИВ академиясига Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди полицияси вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Куннинг биринчи ярмида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишди. Замонавий иншоотларни кўздан кечириш давомида уларга таълим жараёнларини самарали ташкил этиш, назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, халқаро тажрибаларни оммалаштириш мақсадида амалиётга жорий қилинган илғор ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.
Делегация аъзолари яратилган замонавий имкониятларни эътироф этиб, таълимни рақамлаштириш, дуал тизимда ўқитиш, курсант ва тингловчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соҳа учун юқори малакали мутахассис ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Куннинг иккинчи ярмида академия бошлиғи Рустам Хатамов ва Лэунг-юк Чэунг бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот чоғида юксак даражада ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари эътироф этилди. Томонлар ўзларини қизиқтирган масалалар, жумладан, таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, долзарб йўналишларда ўқув курслари ташкил этиш, машғулотларга малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
Гонконг вакилларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати