Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси мутасаддилари, “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари, ҳудудларга бириктирилган ИИВ академияси ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган тизимли ишлар, жиноятчиликни жиловлашда эришилаётган натижалар, ечимини кутаётган масалалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар қайд этиб ўтилди. Масъулларга “йўл харита”лари ижроси юзасидан масъулиятни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш натижадорлигини ошириш, маҳаллаларда жорий қилинган ижобий тажрибаларни оммалаштириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш борасида топшириқлар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати