ИИВ академиясида истеъфодаги офицерлар ва ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида хизмат қилган фахрийлар, ихтисослашган мактабларда таълим олаётган ўқувчилар ҳамда турдош олий таълим муассасалари курсантлари қатнашди.
Сўзга чиққанлар кўп йиллик тажрибалари мисолида Ватанни севиш, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиш, дахлдорлик ҳисси билан яшаш, касбни ардоқлаш фазилатлари ҳақида тўхталиб, ёшларни пухта билим олишга, ҳар қандай шароитда ҳам қийинчиликдан қочмасликка, доимо масъулиятли ва фидойи бўлишга ундадилар.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув фахрийларнинг ёшлик онларидан ҳикоя қилувчи хотиралари, хизматда эришган ютуқлари, мамлакатимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва ёш авлод вакиллари учун яратилган имкониятлар ҳақида билдирган мулоҳазалари билан давом этди.
Тадбир сўнггида иқтидорли ёшлар қўшиқ ва шеърлари билан она Ватанимизни мадҳ қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати