Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлаш: тизим самара бермоқда

26 Июн 2026, 22:19

32

Жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида Қибрай туманидаги “Зебинисо” маҳалласида бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. Бунга аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган изчил чора-тадбирлар натижасида эришилди.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов мазкур маҳаллада бўлиб, давлатимиз раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда маҳаллада академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудга бириктирилган масъуллар ва “маҳалла еттилиги” билан биргаликда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни илмий-амалий ёндашувлар асосида бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Ҳамжиҳатликдаги ишлар натижасида шу кунгача маҳалладаги 450 дан ортиқ хонадон ўрганилди. Ижтимоий профилактика объектларига нисбатан 73 та хулоса расмийлаштирилиб, “маҳалла еттилиги”га йўналтирилди. Сайёр қабуллар ва меҳнат ярмаркалари давомида 38 нафар фуқаронинг муаммоси ҳал этилиб, яна 30 нафар киши иш билан таъминланди. Низоли хонадонлар алоҳида назоратга олиниб, ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди. “Жиноят ўчоқ”лари ва ҳуқуқбузарлик содир бўлиши мумкин бўлган жойларга қўшимча куч-воситалар жалб қилинди.

Академия бошлиғи туман ҳокимлиги ва прокуратура тизими мутасаддилари, ички ишлар органлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари билан мулоқот қилиб, долзарб вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашди. Маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларга янги тажрибаларни жорий қилиш борасидаги ишлар тақдимоти билан танишди.

Учрашувда манзилли ўрганишларни жадаллаштириш, “йўл харита”да белгиланган вазифаларни сифатли бажариш, ижтимоий профилактика қамровини ошириш, оилавий низоларнинг олдини олиш, жиноятчиликка сабаб бўлувчи омилларга барҳам бериш зарурлиги қайд этилди. Масъуллар, “маҳалла еттилиги” ва академия вакилларига ҳар бир йўналиш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech