Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Криминоген омилларнинг олдини олиш – долзарб вазифа

17 Октябрь 2025, 09:10

70

Бугунги кунда маҳаллаларни обод қилиш, “маҳалла еттилиги” тизимининг иш самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Куни кеча муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада қатор вазифалар белгилаб берилди.

Чирчиқ шаҳридаги “Ҳамза” маҳалласида 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кейинги пайтларда маҳалла ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан ўғирлик, қасддан баданга шикаст етказиш ва бошқалар кўп қайд этилган. Оқибатда, маҳалла “қизил” тоифадаги ҳудудга тушиб қолган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қарори билан мазкур маҳалла ИИВ академиясига бириктирилди. Ҳозирда тажрибали професор-ўқитувчилар томонидан маҳалланинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Академия бошлиғи Рустам Хатамов бу борадаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу маҳаллада бўлди. Тошкент вилояти ИИББ раҳбарлари, масъуллар ва “еттилик” вакиллари билан мулоқот чоғида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда эришилаётган натижалар ва ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, ўтган қисқа вақт ичида маҳалла ҳудудида 6 маротаба профилактик, 24 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилди. Аҳоли иштирокида 5 маротаба жиноятчилик муҳокамалари ташкил қилинди. Ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган ҳудудларга 27 та турли хилдаги замонавий камера, 12 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 19 та объект техник қўриқловга олинди. Бундан ташқари, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ташкил қилиниб, доимий банд бўлмаган шахслар бўш иш ўринларига йўналтирилди.

Академия бошлиғи кўрилаётган чоралар кўзланган натижа бериши, энг муҳими, маҳалла осойишталиги ва фаровонлигига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Жиноятчиликни жиловлашда ҳамма жон куйдириши, “маҳалла еттилиги” вакиллари одамларни ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаб, ишни ҳамжиҳатликда ташкил этиши зарурлиги айтиб ўтилди.

Шу куни “жиноят ўчоқ”ларига қўшимча куч-воситаларни жалб қилиш, ижтимоий профилактика объектлари билан самарали ишлаш, аҳоли гавжум жойлар, хонадонлар, савдо мажмуаларини қўриқловга олиш, хавфсиз кўча ва уйларни ташкил қилиш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Фаолиятида камчиликларга йўл қўйган “еттилик” ходимлари танқид қилиниб, қатъий огоҳлантирилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech