Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида ҳар бир ҳудудга масъул раҳбарларнинг бириктирилгани тизим самарадорлигида муҳим омил бўлмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Сергели туманида бўлиб, давлатимиз раҳбари қарори асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шу куни “Эшонбулоқ” ва “Садоқат” маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасидаги ишлар атрофлича ўрганилди. “Йўл харита”лар ижроси юзасидан масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакилларининг ахбороти тингланди.
Академия бошлиғи маҳаллаларнинг айни пайтдаги криминоген вазиятини таҳлил қилиб, жиноятчилик омилларига бутунлай барҳам бериш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун профилактик ишлар қамровини ошириш, оилалардаги маиший муҳитни яхшилаш, алоҳида тоифадаги шахсларни ижтимоий мослаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ўрганишлар чоғида кўп содир этилаётган жиноятларга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли томонидан асосан ўғирлик бўйича мурожаатлар келиб тушаётганини инобатга олиб, ҳудудларга қўшимча камералар ўрнатиш, фуқароларнинг огоҳлиги ва масъулиятини кучайтириш, хавфсиз кўча ва уйларни ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш борасида топшириқ берилди.
Бундан ташқари, иккинчи чорак учун мўлжалланган “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш, “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида амалиётга самарали ёндашувларни татбиқ этиш, “қизил” тоифадаги ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати