ИИВ академиясида кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий қилингани таълим олувчилар учун илғор хорижий тажрибаларни ўрганишга кенг йўл очмоқда.
Яқинда магистратуранинг “ташкилий-тактик бошқарув” ва “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассисликларида таълим олаётган тингловчилар Хитой давлатида бўлиб, замонавий бошқарувга оид билим ва кўникмаларини ошириб қайтдилар.
Хориж сафари давомида вакилларимиз учун Хитой жамоат хавфсизлиги университетида полиция тузилмаларини бошқариш, терроризм, экстремизм, кибер ва наркожиноятларга қарши самарали курашиш, оммавий тадбирларда куч ва воситаларни мувофиқлаштириш, фаолиятга рақамли техонологиялар ва бошқарувнинг инновацион моделларини жорий қилиш ҳамда бошқа долзарб йўналишларда интерфаол машғулотлар ташкил қилинди.
Шу билан бирга, тингловчилар пойтахт Пекин ҳамда Шанхай шаҳарлари полиция идораларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятларни тезкорлик билан фош этиш, судга қадар иш юритувида процессуал ҳаракатлар самарадорлигини ошириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан оқилона фойдаланиш мақсадида йўлга қўйилган илғор жиҳатларни ўргандилар. Маҳаллий мутахассислар билан соҳадаги тенденциялар юзасидан фикр алмашдилар.
Ўқув курси якунлари бўйича ўтказилган тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети вице-президенти Лиу Донг Ҳуа ўзаро ҳамкорлик меморандуми тажриба алмашинувини кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва икки мамлакат ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, тингловчиларга сертификатларни топширди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати