Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллаларда криминоген вазият барқарорлашмоқда

26 Июн 2026, 21:40

33

Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш тўғрисидаги қарори жиноятчилик омилларини барвақт аниқлаш ва олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада Навоий вилоятидаги “Кимёгар”, “Олтин водий”, “Мингбулоқ”, “Малик”, “Арғун”, “Янги ариқ”, “Янги ҳаёт”, “Сентоб”, “Қоровултепа”, “Навбаҳор” маҳаллаларида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари томонидан мазкур маҳаллаларда олиб борилган илмий-амалий ўрганишлар натижасида 51 та “жиноят ўчоғи”, 30 та овлоқ ҳудуд аниқланди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш мақсадида долзарб чора-тадбирлар белгиланиб, “йўл харита”ларга киритилди.

Шу асосда ҳудудларга замонавий камералар, ташвиш тугмалари ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ҳар бир хонадондаги муаммолар ўрганилиб, ижтимоий профилактика қамрови оширилди. Ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган жойлар қўшимча куч ва воситалар билан таъминланди. Профилактик ишларни ҳар бир хонадон кесимида манзилли ташкил этиш йўлга қўйилди.

Натижада уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган маҳаллаларнинг 4 таси “яшил”, 5 таси эса “сариқ” тоифага ўтказилиб, умумий криминоген вазиятнинг барқарорлашишига эришилди.

“Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб ижобий тажрибалар яратилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Масалан, ҳар бир маҳалла бўйича геокриминоген электрон харита шакллантирилиб, “Низоли оила паспорти” жорий этилди. Бу эса жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини ўз вақтида аниқлаш, таҳлил қилиш ва зарур чора-тадбирларни амалга ошириш имконини бермоқда”, - дейди академия ишчи гуруҳи раҳбари, подполковник Бекзод Умурзоқов.

Умуман олганда, қарор доирасида амалга оширилаётган илмий-амалий ўрганишлар “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида изчил давом эттирилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллалар жиноятдан холи ҳудудга айланиб, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти таъминланмоқда. Чинакам хавфсиз муҳитни шакллантиришдан кўзланган устувор мақсад ҳам аслида аҳоли розилигига эришишдир.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech