Хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича “пойтахт намунаси”нинг кенг жорий қилингани маҳаллаларнинг криминоген вазиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов Чилонзор туманидаги маҳаллаларда бўлиб, янги тизим асосида эришилаётган натижалар билан танишди.
“Ботирма” ҳамда “Меҳиржон” маҳаллаларини ўрганиш чоғида аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни кескин камайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудларни камералаштириш ва бошқа йўналишдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи амалиётга татбиқ қилинган ёндашув самарасида жиноятчилик оқибатлари билан курашишдан, унинг асл омилларини бартараф этишга қаратилган самарали тизим яратилгани, маҳаллаларнинг криминоген вазиятини барқарорлаштиришда аҳоли муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, ёшлар ўртасида профилактик ишлар натижадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Манзилли ўрганишлар давомида қайд этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларга имкон яратаётган шарт-шароитлар, аҳолини қийнаётган ижтимоий-маиший масалалар масъул раҳбарлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва академия профессор-ўқитувчилари билан биргаликда атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек “Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи ҳудудларни техник қўриқловга олишни жадаллаштириш, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш, ёшлар, аёллар ва алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли чора-тадбирлари амалга ошириш, оилавий низоларни ҳал қилиш, ҳуқуқбузарликлар омилларини барвақт аниқлаш, криминоген вазияти мураккаб ҳудудларга қўшимча куч ва воситаларни йўналтириш борасида топшириқ берди.
Ўрганишлар якунида ҳар бир йўналиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати