ИИВ академияси ходимлари учун пойтахтимиздаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида маънавият ва маърифат дарси ташкил қилинди.
Тадбирда музей раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов сўзга чиқиб, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишларга тўхталди.
Таъкидлаб ўтилганидек, 1937−1953 йилларда 100 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар сиёсий қатағон қурбони бўлган, 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган. Улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, олим ва зиёлилар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган.
Мустақиликка эришганимиздан сўнг тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, юртимиз истиқлоли ва озодлиги йўлида қатағон бўлган юртдошларимиз номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан айни йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар, музей фондини бойитиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг ходимлар музей фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Зеро, она юртимиз истиқлоли учун жонини фидо қилган ватандошларимиз ҳақидаги ҳақиқатни билиш ва келгуси авлодларга етказиш ҳар биримиз учун инсоний бурчдир.
ИИВ академияси Ахборот хизмати