Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Қалбларга муҳрланган даргоҳ

13 Май 2025, 06:05

213

Биз учун устозларимиз қанчалик табаррук бўлса, таълим олган масканимиз ҳам шунчалик қадрли. Шундан бўлса керак, йиллар ўтса-да, ҳаёт сабоқларини олган даргоҳни асло унутмаймиз...

Ички ишлар вазирлиги академияси ушбу масканда таълим олган, эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилган ва айни пайтда ўз бурчини шараф билан ўтаётган ҳар бир инсон учун ана шундай даргоҳ саналади.

Шонли тарихга эга масканда ўтган йиллар мобайнида эзгу анъаналар шаклланди. Академия етук салоҳиятли кадрлар тайёрлайдиган, ёш авлодни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар эгаси этиб тарбиялайдиган ватанпарварлик мактабига айланди.

Куни кеча ўқув даргоҳи битирувчилари ўзлари учун қадрдон масканда йиғилдилар. Йигирма йил олдинги хотираларни ёдга солган тадбир қизиқарли таассуротларга бой бўлди.

Битирувчилар саф майдонидан тантанали марш билан ўтиб, навқирон дамлари ўтган ўқув биноларида бўлдилар. Устозлари билан ҳамсуҳбат бўлиб, ўтган йиллар мобайнида эришган ютуқларини сўзлаб бердилар. Олган сабоқлари, ҳаётий тажриба ва ўгитлари учун уларга миннатдорлик изҳор қилдилар.

Маънавият ва маърифат марказида бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан намойиш этилган қизиқарли саҳна кўринишлари, ҳазил-мутойибалар, жўшқин куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди. Айниқса курсантлар ошхонасидаги тушлик битирувчилар учун кутилмаган туҳфа бўлди.

– Мен шундай улуғ даргоҳда ўқиганимдан доимо фахрланаман. Чунки, ушбу маскан бизни чинакам инсон этиб тарбиялади, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда мустаҳкам таянч бўлди. Бир жиҳатни айтишим жоиз: академияга қадам қўйганимизга 24 йил бўлганига қарамай, ҳали ҳам курсдошлар аҳил-иноқмиз, бир-биримизни йўқлаб турамиз. Бунинг замирида устозларимиз берган тарбия, қалбимизга муҳрлаган меҳр-оқибат туйғулари бор, – дейди подполковник Меҳриддин Эшназаров.

Шу куни битирувчилар академия бўйлаб саёҳат қилдилар. Таълим жараёнидаги янгиланишлар, курсант-тингловчилар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишиб, соҳадаги улкан ислоҳотлар самарасига гувоҳ бўлдилар. Ҳаётдан эрта кўз юмган сафдошлари, марҳум устозларини хотирлаб, ёш авлод вакилларига ўз маслаҳатларини улашдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech