Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ватан йўлидаги жасорат ҳеч қачон унутилмайди

8 Май 2026, 22:39

41

Эл-юрт осойишталиги учун азиз жонини фидо қилган инсонлар ёди ҳамиша барҳаёт. Йиллар ўтса-да, улар кўрсатган матонат ва жасорат намуналари бўлғуси авлодларга ибрат бўлиб қолаверади...

Ички ишлар вазирлиги академиясида шарафли бурчини ўташ чоғида мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг ёрқин хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ички ишлар органлари тизими фахрийлари, марҳумларнинг оила аъзолари, профессор-ўқитувчилар, курсантлар, академик лицей ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари иштирок этди.

Тадбир аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳар бир инсон, аввало, она Ватани олдидаги масъулиятини чуқур ҳис қилиши, юрт ҳимояси учун доимо шай туриши, қаерда бўлмасин, юксак дахлдорлик ва фидойилик ҳисси билан яшаши лозимлигини қайд этди.

Хотира кечасида миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш йўлидаги машаққатлар, мустақиллик йиллари республикамизнинг турли ҳудудларида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари, осуда ҳаётимизга кўз тиккан ғараз ниятли кимсаларга қарши мардонавор курашган ички ишлар органлари ходимларининг умр йўли ва ибратли фазилатлари ёдга олинди.

Истеъфодаги генерал-майорлар Тоҳир Муллажонов ва Мирсамад Адилов сўзга чиқиб, ўтган йиллар мобайнида тақдир чорраҳасида туташган ва елкама-елка хизмат қилган марҳум ҳамкасблари ҳақида самимий хотираларини бўлишдилар.

– Академия остонасига қадам қўйишим билан, юрагимни бир ҳис чулғади. Раҳматли акамнинг ушбу даргоҳда ўтказган ёшлик онлари, “лейтенант”лик унвонини олган бахтиёр кунлари, кўркам формада мағрур юришлари кўз олдимга келди. Афсуски, бевақт ўлим уларни орамиздан жуда эрта олиб кетди. Акамдан яхши ном, жасоратга тўла хотира қолди, – дейди сурхондарёлик марҳум Аҳмад Қурбоновнинг укаси Асрор Қурбонов.

Тадбир давомида академия раҳбариятининг ташаббуси билан чоп этилган “Сўнмас жасорат” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тошкент милиция мактаблари ва Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаб, хизмат пайтида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг умр йўлига бағишланган хотира китоби хайрли ишларнинг амалий ифодаси бўлгани эътироф этилди.

Тадбирда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонлик кўрсатган ўғлонларимизни ҳамиша ёд этиш, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, мардлиги ва жасоратини бугунги авлодга етказиш, ўсиб келаётган ёшларни ана шундай ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугуннинг долзарб вазифаси эканлиги айтиб ўтилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech