ИИВ академиясида “Жиноятчиликка қарши курашиш: долзарб муаммолар ва илмий-амалий ечимлар” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Гибрид форматда ташкил қилинган тадбирда манфаатдор ташкилотлар билан бирга, мамлакатимиз ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Россиянинг ўнга яқин турдош олий таълим муассасасалари вакиллари, етакчи олимлар, соҳа мутахассислари қатнашди.
Конференцияда жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларнинг илмий-амалий ечимлари ишлаб чиқиш масалалари, бу борада халқаро ва миллий тажрибанинг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ялпи мажлис ва сессиялар давомида “Жиноятчиликка қарши курашишнинг жиноят-процессуал жиҳатлари”, “Маъмурий преюдицияли жиноятлар учун жавобгарликни қўллаш”, “Кибержиноятларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги”, “Рақамли муҳитда коррупциявий қилмишларни квалификация қилиш”, “Жиноят процессида рақамли далилларни тўплаш”, “Жамоат хавфсизлигини таъминлашда геокриминоген электрон тизимнинг ўрни”, “Болаларга нисбатан зўравонликларнинг виктимологик профилактикаси”, “Жиноятчиликнинг олдини олишда суд ва тергов судясининг роли”, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашишда Ўзбекистон тажрибаси” ва бошқа долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
Маҳаллий ва халқаро мутахассислар, олимлар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимига замонавий ёндашувларни татбиқ этишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар тақдим қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати