Ички ишлар вазирлиги академиясида якуний давлат аттестациясини ташкил этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ўқув муассасаси раҳбарияти, имтиҳонларга жалб қилинган мутахассислар, профессор-ўқитувчилар, шунингдек кундузги ва сиртқи таълим йўналишини тамомлаётган курсант ҳамда тингловчилар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида академия бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Бахтиёр Ражабов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган изчил ислоҳотлар, кейинги йилларда ўқув жараёнига жорий қилинган илғор ёндашувлар, битирувчиларга қўйилаётган долзарб талаблар ва келгусидаги устувор вазифаларга тўхталди.
Шундан сўнг якуний давлат аттестациясига оид буйруқлар ўқиб эшиттирилди. Масъуллар, комиссия раислари ва аъзоларига имтиҳонларни қабул қилиш, битирув малакавий иши ҳимояларини юқори савияда ўтказиш, битирувчилар билимини холисона баҳолаш бўйича белгиланган мезонлар етказилди.
Айтиш жоизки, жорий ўқув йили якунида кундузги таълимни “тезкор қидирув фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “ташкилий-штаб фаолияти”, “жазони ижро этиш фаолияти”, “пробация фаолияти”, сиртқи таълимни эса “ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва фош этиш” йўналишлари бўйича битирувчилар тамомлайди.
Битирув малакавий иши ҳимоялари ва имтиҳонлар 19 июнга қадар бўлиб ўтади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати