Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Гиёҳвандлик – келажак кушандаси” мавзуида ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
Тадбирда ИИВ академияси катта ўқитувчиси, подполковник И. Ҳайдаров гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги ва тақдирига аянчли таъсир кўрсатишини тушунтириб, талабаларни бу каби иллатлар, уларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлардан огоҳликка чорлади.
* * *
Чирчиқ шаҳрида кикбоксинг бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Мингдан зиёд спортчи куч синашган мусобақада ИИВ академияси курсантлари ҳам совриндор бўлди. Жумладан, “low kick” ва “full contakt” йўналишлари бўйича М. Абдураҳмонов (81 кг), Ҳ. Қаҳҳоров 1-ўринни, Д. Элов (75 кг), С. Авазова (65 кг) 2-ўринни, Э. Намазбаев (63 кг), Б. Нишонбоев (63 кг) 3-ўринни қўлга киритди.
* * *
Пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Шу куни бир гуруҳ юртдошларимиз инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши видеоролик, энг яхши инновацион ғоя муаллифи, энг яхши билимдон, энг яхши мақола номинациялари бўйича тақдирланди.
Танловни самарали ташкил қилишда фаол кўмаклашгани учун қатор вазирлик ва идоралар вакиллари қатори, ИИВ академияси профессор-ўқитувичларига ташаккурнома берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати