Ички ишлар вазирлиги академиясида “Комплаенс ва маънавий маданият ойлиги” доирасида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир курсантлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг касбий маданиятини юксалтириш, ёш авлодда коррупциявий иллатларга қарши кучли иммунитетни шакллантириш мақсадида ташкил қилинди.
Соҳа фахрийлари, тарбиявий ишлар бўйича масуъллар ва саф қисми ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда сўз олганлар коррупцияга қарши курашиш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, соҳа ходимларига қўйилаётган долзарб талаблар, касбий маданиятни шакллантириш омиллари хусусида сўз юритишди.
Академияда таълим олаётган курсантлар тизимда самарали хизмат қилиши, зиммасидаги бурчни виждонан бажариши учун касбий билимларни пухта эгаллаши, маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириб бориши, кучли интизом, ҳалоллик, фидойилик ва халқ манфаатларини ҳаётий мезонга айлантириши кераклиги айтиб ўтилди.
Бинобарин, мамлакатимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, ўсиб келаётган ҳар бир ўғил-қизга улкан ишонч билдирилаётгани, ички ишлар органларидаги ислоҳотларнинг самараси ёш кадрларнинг она Ватанимизга садоқати ва касбига бўлган муҳаббатида намоён бўлиши таъкидланди.
Тадбир давомида фахрийлар бой тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларни ҳалол, ватанпарвар, фаол ва ташаббускор, масъулиятли бўлишга чақирдилар. Мулоқот руҳида ўтган учрашув ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш, коррупцияга қарши маънавий иммунитетини кучайтириш, жамоада соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати